Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги

Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Ҳолат юзасидан102
Ишонч телефони1102
Ўзбекистон Республикаси Давлат рамзлари

Davlat bayrog`i
Давлат байроғи Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрьдаги 407 сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган. Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузнинг тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 70х30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган. Оқ рангли янги ой вертикал ҳолатда дўнг томони дастага қаратилган, дастадан 20 сантиметр масофада жойлаштирилган бўлиб, диаметри 30 сантиметрли доирага сиғади. Ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз диаметри 6 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 6 сантиметр. Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қаторда учта, ўрта қаторда тўртта ва қуйи қаторда бешта юлдуз. Қуйи қатордаги юлдузлар янги ойнинг пастки учидан 3,5 сантиметр масофада жойлашади.

 

Davlat gerbi​

Давлат герби Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июльдаги 616 ХИИ-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган. Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.

 

Давлат мадҳияси
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 10 декабрьдаги 768 ХИИ-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.

Мутал Бурхонов мусиқаси Абдулла Орипов шеъри

Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,
Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!
Истиқлол машъали тинчлик посбони,
Хақсевар, она юрт, мангу бўл обод!

Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!

22-06-2017 | 1044
Сайт харитаси
Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги
Маълумотлардан фойдаланилганда mvd.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт.
© Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2017
Яратувчи:

ИИВ АТА ва АҲБ

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг