Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги

Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Ҳолат юзасидан102
Ишонч телефони1102
Очиқ ва самарали мулоқот

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен билан учрашди.

Учрашув чоғида томонлар минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича иккала мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг, шу жумладан, Интерпол ташкилоти орқали алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, «йўл харитаси»ни амалга ошириш доирасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Памела Спратлен фавқулодда вазиятда қандай ҳаракат қилиш бўйича биргаликда машқлар ўтказишни, шунингдек, ҳар икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларининг наркотрафикка, одам савдосига ва терроризмга қарши курашиш борасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашни таклиф қилди.
– Мамлакатингизда фаолият кўрсатаётган дипломатик ваколатхоналарнинг ишончли қўриқланишини таъминлаш бўйича сиз раҳбарлик қилаётган тизим ходимларининг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз. 2004 йилда мамлакатимиз элчихонасига террорчилик ҳужуми содир этилганида сизнинг ходимингиз кўрсатган қаҳрамонликни ҳеч қачон унутмаймиз. Ишончимиз комилки, вазирлик ходимлари бундан кейин ҳам ҳар қандай хавф-хатарни бартараф этиш йўлида барча имкониятларни ишга солишади, – деди Памела Спратлен.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси раҳбари таъкидлаганидек, сўнгги пайтда Испаниянинг Барселона шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати, АҚШнинг Виржиния штатида юз берган тўқнашувлар бундай таҳдидларга қарши биргаликда курашиш лозимлигини кўрсатмоқда. Шу муносабат билан томонлар ахборот ва тажриба алмашиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишга, шунингдек, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхоналарида содир этилиши мумкин бўлган террорчилик ҳужумларини ўз вақтида бартараф этиш бўйича қўшма машқлар ўтказишга тайёр эканликларини изҳор этишди.
– Хавфсизлик ҳақида гап кетганда кам аҳамиятли, иккинчи даражали масала бўлмайди, – деди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор А. Азизов. – Ички ишлар органларида туб ислоҳотлар амалга оширилаётган, олдимизга Президентимиз томонидан халқ манфаатларига хизмат қилиш вазифаси қўйилган бугунги кунда бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларимизнинг илғор тажрибасини ўрганиш, терроризм, одам савдоси, наркотрафик каби хавф-хатарларга қарши самарали курашиш учун янада яқинроқ алоқалар ўрнатиш биз учун ниҳоятда муҳимдир.
Ички ишлар органлари тизимида коррупцияга қарши курашиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва бошқа қонунбузарлик ҳолатларини бартараф этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик қилаётгани ҳақидаги маълумотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Очиқ-ошкора, ишчанлик руҳида ўтган суҳбат якунида томонлар ҳар икки тараф манфаатдор бўлган масалалар юзасидан музокаралар самарали кечганидан мамнун эканликларини изҳор этишди.

И. САЙФУТДИНОВА. 

28-08-2017 | 959
Сайт харитаси
Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги
Маълумотлардан фойдаланилганда mvd.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт.
© Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2017
Яратувчи:

ИИВ АТА ва АҲБ

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг